2017-09-30 20:50:00

КИТОБСЕВАР ЁШЛАР КЎПАЙМОҚДА

Навоий шаҳрида "Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги" шиори остида "Болалар китоби" III Республика фестивали бўлиб ўтди. Абдулла Қодирий номидаги ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, китобга бўлган қизиқишни ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, йигит-қизларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Фестиваль ранг-баранг китоблар кўргазмаси билан бошланди. Китоблар оламига саёҳат жараёнида адабий-бадиий, илмий-маърифий, эртак китобларнинг ранг-баранглигидан, билимга ташналик билан китоб варақлаётган, улардаги завқли саргузаштлардан ҳайратланаётган ўқувчиларнинг иштиёқи ва мутолаага интилишидан одамнинг кўзи қувнайди.

Фестиваль доирасида "Президент асарлари билимдони", "Энг китобхон оила", "Алишер Навоий асарлари билимдони", "Энг яхши китоб муаллифи", "Энг фаол китобхон", "Мумтоз адабий асарлар билимдони", "Менинг биринчи китобим" сингари мавзуларда интеллектуал викторина, танловлар, мушоиралар, ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Фаол иштирок этган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

Сабоҳат КАРИМОВА,

Уз МУ журналистика факультети талабаси.

“Туркистон-пресс”.