2017-09-30 21:21:00

МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ЯНГИЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 март куни имзоланган "Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига асосан, республикамиз ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади.

Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари махсус ҳимоя қатламларига эга. Унда белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида, ўзбек тилида ёзилган. Гувоҳнома пластикдан тайёрланади ҳамда ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. У қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳар бир ҳайдовчи 2017 йил 1 октябрдан бошлаб 2018 йилнинг 31 декабрь кунига қадар, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда алмаштириб берилади.

2019 йил 1 январдан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар эса эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда янгисига алмаштирилади. Шундан кейин, яъни 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади ва бу ҳайдовчилик гувоҳномалари билан автомототранспорт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасиз автомототранспорт воситаларини бошқариш бўлиб ҳисобланади ва ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чора кўрилади.

Янги нусхадаги пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтганлигини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон ҳам жорий этилди. Техник кўрик натижаси ана шу талонда акс этади.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.