2017-09-30 17:42:00

ЎҚИТУВЧИЛАР КУНИ ҚАЙСИ ДАВЛАТДА ҚАНДАЙ НИШОНЛАНАДИ?

Ҳар бир жамиятда ўқитувчиларга алохида ҳурмат, иззат-икром кўрсатиш анъанага айланиб қолган. Ўқитувчи нафақат билим тарқатувчи,балки маънавият ва комил инсонни тарбияловчи шахс ҳамдир.

100дан ортиқ давлатда 1994 йилдан бери 5 октябрь Жаҳон Ўқитувчилар куни сифатида байрам қилинади. Шу куни ўқитувчилар, устозлар, мураббийлар — таълим соҳасининг барча ходимлари ҳақида илиқ фикрлар айтилади. Чунки 1966 йилнинг 5 октябрь куни Парижда ҳукуматлароро анжуман ўтказилиб,унда ўқитувчиларнинг мақомига бағишланган масала кун тартибига киритилган эди. Ўшанда ЮНЕСКО ва Халқаро Меҳнат ташкилоти “Ўқитувчиларнинг мақоми борасида тавсиялар” тўғрисидаги хужжатни имзолаганди. Илк бор Жаҳон Ўқитувчилар куни 1994 йил 5 октябрда нишонланган. АҚШда Ўқитувчилар Миллий кунини май ойининг биринчи ҳафтасида нишонлаш анъанага айланган. Россия, Белорус, Қозоғистон, Латвия, Украина ва Озарбайжонда ўқитувчилар куни октябрь ойининг биринчи якшанбасида нишонланади. Польшадаги барча педогоглар ўзларининг касб байрамларини 14 октябрь куни нишонлайдилар. Чунки, 1773 йилнинг айни шу кунида Польша қироли Станислав Понятовский ташаббуси билан мамлакат Сейми Миллий Таълим комиссиясини ташкил қилган эди. Мазкур комиссия кенг ваколатларга эга бўлгани сабабли Польша тарихидаги биринчи Таълим вазирлиги дея тан олинган. Шуни таъкидлаш керакки, ўша кунга қадар Польшадаги мактаблар иезуит руҳонийлари томонидан бошқарилар эди. 1773 йилда Рим папаси Климент Ўн бешинчи иезуитлар орденини тарқатиб юборганидан сўнг, Польшадаги мактаблар беқарорлик томон юз тутди. Шундан сўнг ҳукумат мактаблар устидан назоратни ўз қўлига олишга қарор қилди. 14 октябрь куни польшалик ўқитувчи, педогоглар дам олади. Дам олиш бўлгани сабаб айрим мактаблардагина турли тадбирлар ўтказилади.

Ливанда ҳам ўқитувчиларга алоҳида ҳурмат билан қарашади. Ўқитувчилик касби энг инсонпарвар, энг муҳим ва энг меҳрибонлик касб бўлгани сабаб мамлакатда 9 март Ўқитувчилар куни сифатида белгиланган. Аммо халқнинг севимли байрамига айланиб қолган Ўқитувчилар куни тантаналари 3 март куни бошланиб бир ҳафта давом этади. Ўқитувчилар босиқликлари, касбларини севганлари боис ўқувчиларнинг ҳурматига сазовор эканликларини ливанликлар ёддан чиқаришмайди.

11 сентябрь Аргентинада Ўқитувчилар куни сифатида белгилаб қўйилган. Бу кун бутун миллат учун жуда ҳам муҳим сана сифатида кўрилади. Шу сабабли ҳам Ўқитувчилар кунини бутун мамлакат нишонлайди. Таълим-тарбия муассасалари шу куни ишламайди. Аргентинада ўқитувчилар ёш авлодни тарбиялашдек муҳим вазифани бажарувчилар сифатида кўрилади ва шунга яраша ҳурмат қилинади.

Ҳиндистонда Ўқитувчилар куни 5 сентябрга тўғри келади. Шу куни мамлакатдаги барча ўқитувчилар ўзларини жамиятга керакликларини яна бир бор дилдан ҳис қиладилар. 5 сентябрь 1962 йилдан 1967 йилга қадар Ҳиндистон Президенти лавозимида фаолият кўрсатган доктор Сарвепалли Радхакришнан таваллуд топган кун. Маълумотларга қараганда, ҳаммаслаклари бир куни Президентга мурожаат қилиб, туғилган кунини нишонлашга рози бўлишини сўраганларида, давлат раҳбари шу кунда ўзининг ҳамкасблари бўлмиш — ўқитувчилар кунини нишонлаш кераклигини таклиф қилган. Шу-шу 5 сентябрь Ҳиндистонда Ўқитувчилар куни байрам қилинади. Бадавлат оилада таваллуд топган Сарвепалли Радхакришнан мамлакатдаги бир қатор коллеж ва университетларда дарс берган, Ҳиндистон олий таълимини ислоҳқилишга бош-қош бўлган ва ўз ватандошларининг таълим олиши учун бор куч-ғайратини сарфлаган. Айни дамда ҳинд халқи Сарвепалли Радхакришнан ва у жорий қилган Ўқитувчилар кунига ҳурмат билан қарайдилар.

Ўқитувчилар куни Бразилияда15 октябрда, Вьетнамда 20 ноябрь куни, Корея Республикасида 15 май куни, Хитойда 10 сентябрь ва Конфуций туғилган сана —28 сентябрь куни, Туркияда 24 ноябрь куни нишонланади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, сўнгги йиларда жаҳон мамлакатларида ўқитувчиларнинг оммавий равишда ишдан бўшаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Бунга ўша мамлакат бюджетида таълимга ажратиладиган маблағларнинг камайиб бориши, ўқитувчиларнинг ишлашлари учун шароитларнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда. Африка мамлакатларидла 1миллион 800 минг педогог етишмаслиги айтилади.

Жонажон Ўзбекистонимизда 1 октябрда Ўқитувчилар куни кенг байрам қилинади. Умумхалқ байрами сифатида ўша куни дам олиш куни дея эълон қилинган. Мактаб даврини бир дақиқа бўлса-да ёдга олмайдиган инсоннинг ўзи йўқ бўлса керак. Чунки ҳар биримиз ўқувчи бўлганмиз. Биз ўқитувчиларнинг сермашаққат мехнатлари билан катта ҳаётга йўлланма олдик.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ.

“Туркистон-пресс”.