2017-10-01 17:07:00

МУБОРАКДА ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида “Муборак ТЕКС” фабрикаси фаолият бошлади. Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли мазкур енгил саноат корхонаси асосан пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган фабрика йилига 8 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу лойиҳани ишга тушириш учун қарийб 24 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қилинди.

Маҳсулот ишлаб чиқаришда тўлиқ маҳаллий хомашё ишлатилмоқда. Энг асосийси, тумандаги 100 нафардан ортиқ ёш доимий иш ўрни билан таъминланди. Тайёрланаётган маҳсулот сифати хорижникидан қолишмайди, импорт ўрнини боса олади ва жаҳон бозори талабларига тўлиқ мос келади.

Бу каби иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар нафақат вилоят, мамлакатимиз енгил саноат тармоғининг жадал суръатларда тараққий этишига хизмат қилади. Ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт ҳисобига валюта тушумини кўпайтириш, фаровонликни орттиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.