2017-10-01 17:27:00

ХАЛҚАРО ПУЛ ЎТМАЗМАЛАРИ ЭНДИ МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига асосан, «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Арманистон давлатларига халқаро пул ўтказмалари алмашинуви қайта йўлга қўйилди.

Халқаро пул ўтказмалари юқорида келтирилган давлатлар почта муассасалари билан тузилган икки томонлама Келишувлар доирасида юридик ва жисмоний шахслардан миллий валютада қабул қилинади. Миллий валютадаги пул маблағлари пул ўтказмасини жўнатиш кунида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан эркин айирбошланадиган валютада ҳамкор давлатга юборилади.

Шунингдек, МДҲ давлатларидан кириб келувчи халқаро пул ўтказмалари ҳам мижозларга пул ўтказмаси келиб тушган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада тўлаб берилади.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.