2017-10-02 16:26:00

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАШҚИ СИЁСАТИМИЗДА УСТУВОР ВАЗИФА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилиги, хусусан, Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишидамамлакатимизда қисқа муддатда рўй берган ўзгаришлар, амалга оширилган ислоҳотлар, қўлга киритилган ютуқлар ва юртимиз ривожланишидаги устувор йўналишларга тўхталиб, Ўзбекистонўз олдига “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган устувор тамойилни амалга ошириш, демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш мақсадини қўйганлигини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз ўз сўзида “Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”, деб таъкидлади. Бу фикрнинг тасдиғини амалда, яъни қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни янги босқичда йўлга қўйганимизда яққол кўриш мумкин. Сўнгги ойларда бу борада ўзаро сиёсий ишонч ошганлиги, савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ривожлангани кузатилди.

Давлатимиз раҳбари олий минбардан туриб, Орол денгизининг бугунги ҳолати — тасвирини дунё мамлакатлари раҳбарларига кўрсатди. Дарҳақиқат, бу бот-бот такрорланаётганидек, инсониятнинг чинакам фожиасидир. Орол денгизининг ҳавзаси 1960 йилда 68.900 квадрат километрни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 8.600 квадрат километрга тенг бўлиб қолган. Денгизнинг қарийб 88 фоиз қисми қуриб бўлган. Агар бундай кенг кўламли экологик муаммога бугун жиддий эътибор қаратилмаса, яна кўплаб салбий оқибатларни юзага чиқариши мумкин.

Президентимиз яна бир долзарб муаммо – Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб, “Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади. Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир”, деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари инсоният тараққиётига катта таҳдид солиб турган терроризм масаласида янгича ёндашувни ўртага ташлади. Яъни, кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётганлиги, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши таъкидланди.

Президентимиз бутун жаҳон ҳамжамиятига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини ҳамда муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралашимиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаслигимизни айтиб ўтди. У ўз сўзида юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, яратган асарлари, шунингдек, Ўзбекистонда ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Президентимиз шу ўринда яна бир ташаббус – “БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдиргани айни муддао бўлди.

Одилжон МАМАТКАРИМОВ,

халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари.

“Туркистон-пресс”.