2017-10-02 16:57:00

ВАТАН ФИДОЙИЛАРИГА САДОҚАТЛИ ФАРЗАНД БЎЛАМИЗ!

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Ватан фидойиларига садоқатли фарзанд бўламиз!” мавзуда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний”жамғармаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Шаҳидлар хотираси”жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда меҳнат фахрийлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юрт ҳимояси йўлида жон фидо қилган ўғлонларимизнинг Ватан олдидаги хизматларини ёд этиш, кўрсатган қаҳрамонликларини ёшларимиз онгига сингдириш, уларнинг порлоқ хотирасини абадийлаштириш борасида мамлакатимизда ибратли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтишди. Ватан озодлиги учун курашган аждодларимиз тарихи, уларнинг ҳаёт йўли ҳақида илмий тадқиқотлар амалга оширилаётир. Жумладан, самарқандлик маърифатпарвар Сайид Ризо Ализода таваллудининг 130 йиллиги бу йил юртимизда кенг нишонланмоқда.

—Ўғлим Сайёр мамлакатимиз чегараларини бузиб кириб, халқимиз осойишталигига раҳна солиш ниятида бўлган жангариларга қарши курашда ҳалок бўлди, —дейди Р.Саъдинова. — Аммо меҳр-оқибатли халқимиз, ғамхўр раҳбарларимиз бор экан, фарзандимнинг матонати, енгилмас иродаси ҳақидаги хотиралар ёдга олиняпти. Унинг юрт олдидаги хизматлари, она Ватанга содиқлиги ёшларга ибрат қилиб кўрсатилмоқда.

Тадбирда бугунги тинч-осойишта кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашлозимлиги уқтирилди.

“Туркистон-пресс”