2017-10-02 17:07:00

МАРҒИЛОНДА “ЁШ ЛИБЕРАЛЛАР” КЛУБИ ИШ БОШЛАДИ

Марғилон шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан “Ёш либераллар” клубининг тақдимоти ўтказилди.

Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминлашда сиёсий партияларнинг роли ортиб бормоқда. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бунинг учун зарур шароитлар яратиш, уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ташаббус ва ғояларини муносиб қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ташкил этилаётган “Ёш либераллар” клуби ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. 

— Изланувчан, ташаббускор ёшларимиз сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Марғилон шаҳар кенгаши қошидаги “Ёш либераллар” клуби раҳбари Абдуманноб Маҳкамов. — Уларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, партиямиз сафларида ўрнини мустаҳкамлашда янги ташкил этилган “Ёш либераллар” клубининг аҳамияти катта. Клуб қошида “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш”, “Келажак депутатлари” гуруҳлари ҳам иш бошламоқда. Фаол ва уюшмаган ёшларга мазкур гуруҳлар яқиндан кўмак беради. 

Тақдимотда клуб режалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”