2017-10-02 18:08:00

ТОШКЕНТДА “UZ ARENA” КИБЕРСПОРТ АРЕНАСИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси аъзолилига қабул қилинган Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси Ўзбекистонда «UZArena» киберспорт аренасини очди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Мазкур воқеага бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида, биринчи навбатда, федерациянинг давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан Ўзбекистонда виртуал спортнинг ривожланишига қаратилган масалалар бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолининг «UZ Arena» виртуал спорт аренаси ҳамда федерациянинг бугунги кундаги фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида сўз борди.

Федерация фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида виртуал спортни ривожлантириш ва оммалаштириш, виртуал спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар, спорт ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказишдан иборат.

«UZ Arena» киберспорт аренаси “Бунёдкор” шоҳ кўчасидаги «INTEGRO» савдо мажмуаси ичида 2.300 квадрат метрли жойга жойлашган бўлиб, оҳирги турдаги «Sony Playstation» ўйин қурилмалари, жаҳон кибер ареналарнинг талабларига мос бўлган 50 та суперзамонавий компьютерлар, анъанавий ва кибер спорт тадбирларини намойиш этишга мўлжалланган 3 та катта «LED» экран ҳамда стол тенниси учун махсус жойни ўз ичига олган.

Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси президенти Азизбек Паттаховнинг таъкидлашича, виртуал спорт ўйинлари билан шуғулланиш, ушбу спорт йўналишида юртдошларимиз, ёшларимизнинг жаҳон мусобақалари, чемпионатларида қатнашиши ва улардаги муваффақиятларини таъминлаш мақсадида «UZ Arena» киберспорт аренаси ташкил этилди.

Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси виртуал спорт ўйинлари ёки кибер спорт тушунчасини кенг оммага ёйиш, компьютер ўйинларига қизиқадиган ёшларни, компьютерхоналарда бекорга вақт сарфлаётган йигитларни ташкилотга жалб қилиб, уларнинг қизиқиши ва иқтидорини тўғри йўналтириб, тарбиялаб, уни зарарли одатга эмас, ҳақиқий спортга айлантиришни мақсад қилган. Ҳаттоки маҳаллий чемпионатларни телеэкран орқали ҳам намойиш этиш режада бор.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”