2017-10-02 18:28:00

ЎФФ ПРЕЗИДЕНТИ БАА ФУТБОЛ УЮШМАСИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Дубай шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари Футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва БАА футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликлари Футбол Уюшмалари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари орасида футболни янада оммалаштириш учун амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат олиб бордилар.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов ва Абдулла Носир ал-Жунайбий ЎФФ ва БАА Футбол Уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Ушбу меморандум Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари ва клубларига турли ёш тоифаларида ўртоқлик ўйинлари ва мусобақалар,ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш ва ўтказиш, икки мамлакат терма жамоаларининг мураббийлари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, футбол, аёллар футболи, футзал,болалар-ўсмирлар футбол мактабларида фаолият олиб борадиган мураббийларни ўқитиш ва малакасини ошириш, мураббийлар, ҳакамлар ва спорт медицинаси ходимларини ўқитиш ва малака ошириш курсларига юбориш каби катта имконият эшикларини очиб беради.

Умид Аҳмаджонов Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашувда БАА Футбол Уюшмасининг халқаро мусобақаларни ташкил қилиш ва ўтказиш тажрибасини ўзлаштириш ҳақида гапирар экан, 2018 ва 2019 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2019 йилги Осиё Кубоги ташкилий қўмитасига бир гуруҳ ЎФФ мутахассисларини малака ошириш учун юбориш масаласини ҳам алоҳида муҳокама қилди.

Меморандум, шу билан бир вақтда, Ўзбекистон ва БАА футбол лигалари доирасидаги ўйинларга икки мамлакат ҳакамларини таклиф қилиш, халқаро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда ЎФФ ва БАА Футбол Уюшмаси ходимларининг ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиб беради.

“Туркистон-пресс”