2017-10-02 18:18:00

“УЧҚЎРҒОНЁҒ” АЖГА МЕДИА-ТУР УЮШТИРИЛДИ

Намангандаги “Учқўрғонёғ” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган медиа-тур оммавий ахборот воситалари вакилларига корхонада жорий этилган энергия тежамкор ускуна ва технологиялар, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва афзалликлари билан яқиндан танишиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, корхона фаолияти мисолида юртдошларимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларидан хабардор қилиш имконини берди.

Жаҳон банкининг Халқаро Тараққиёт Ассоциацияси иштирокида саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш юзасидан тузилган дастур асосида корхонага 540.000 долларлик маблағ эвазига Австрия давлатининг “Астебо” компаниясида ишлаб чиқарилган замонавий энерготежамкор буғ қозони келтириб ўрнатилди.

– Операторсиз автоматик режимда ишлайдиган мазкур энерготежамкор буғ қозонида 1 тонна буғ ишлаб чиқариш учун 73 кубометр газ сарфланади, яъни 44 кубометр ёқилғи тежаб қолинади. – дейди корхона инвестициялар бўлими бошлиғи Шуҳрат Мадаминов. –Ёки илгари 1 тонна буғ 13,5 кВт электр энергияси ёрдамида ишлаб чиқарилган бўлса, энди бу мақсадга атиги 4,1 кВт электр энергияси кифоя, демак 9,4 кВт электр энергияси иқтисод қилиб қолинади. Умумий ҳисобда бу технология электр ва табиий газга сарфланадиган маблағдан йилига 220 миллион сўм иқтисод қилиш, шунингдек, аҳоли эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар таннархини 10-15 фоизга камайтириш имконини беради.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.