2017-10-03 17:37:00

ЎЗМИЛЛИЙБАНК КЎМАГИДА 14 МИНГДАН ОРТИҚ ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛДИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан “Тадбиркорликни ривожлантиришда микрокредитлашнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман аввалида Банкнинг стратегик ривожлантириш департаменти бўлими бошлиғи Б. Раҳимов мамлакатимизда кейинги вақтларда микрокредитлаш тизимининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамлаб борилаётгани натижасида тадбиркорлик субъектларини микрокредитлаш тизими кенгайгани, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.   

Кредит департаменти директори ўринбосари О. Сагдиев тадбиркорликни ривожлантиришда микрокредитлашнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида журналистларга батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, республикамиз тижорат банклари томонидан микрокредитлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ, қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида тақдим этилмоқда.

Ўзмиллийбанк томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, йилқичилик, туячилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш ва етиштириш, иссиқхоналарн ташкил этиш, шунингдек, уруғ ва кўчатлар сотиб олиш учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар бериб борилмоқда.

Анжуманда сўз олган Кредит департаменти бошқарма бошлиғи Ф. Шоисматов касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар беришнинг тартиб-таомиллари тўғрисида сўз юритди. Жумладан, банк касб-ҳунар битирувчиси юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда, юридик шахс мақомида фаолият юритадиган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда кредит маблағлари ажратаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, микрокредитлар фаолиятини бошлаш учун айланма маблағларни шакллантириш ва инвестеция лойиҳасининг техник иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун 12 ой муддатгача, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларини тўлдиришга, шунингдек, асбоб-ускуналарни сотиб олишга 2 йил муддатгача, инвестеция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида бўлса, 3 йилдан ортиқ муддатга берилаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзмиллийбанкнинг барча филиаллари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 337.024,7 минг сўм ҳажмида микрокредит хизматлари кўрсатилгани натижасида юртимиз ҳудудлари бўйлаб 14 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани эътироф этилди.

Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Аҳрор ЭРНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс