2017-10-03 18:18:00

“BULUNGUR - SANDVIK”: ФАҚАТ ЭКСПОРТГА

Булунғур туманидаги “Bulungur - Sandvik” масъулияти чекланган жамияти мева-сабзавотларни қуритиб, қайта ишлашга ихтисослашган вилоятдаги ягона корхона ҳисобланади. Айтиш жоизки, бу ерда қайта ишланган 10 турдаги сабзавотнинг барчаси экспортга жўнатилаяпти. Буни яхши англаган корхона маъмурияти тайёрланадиган маҳсулотларнинг сифат даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яқинда корхонага Хитой ва Туркиядан 1 миллион 300 минг АҚШ доллари эвазига сўнгги русумдаги замонавий технологияларнинг бирламчи ускуналари келтириб ўрнатилди. Эндиликда ишлаб чиқариш қуввати ортиши баробарида маҳсулотларнинг сифат даражаси ҳам янада яхшиланади.

      — Юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган, — дейди жамият директори Носир Юсупов. — Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, корхонамизда модернизация ишларини амалга оширдик. Чунки маҳсулотларимизга бўлган талаб ташқи бозорда кун сайин ортиб бормоқда.

     Жорий йилнинг 9 ойи давомида корхона томонидан Осиё ва Европа давлатларига қарийб 7 минг тонна қуритилган сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 9 минг тоннага етказиш кўзда тутилган. Айни кунда “Bulungur - Sandvik” масъулияти чекланган жамиятида 400 нафар маҳаллий хотин-қизлар уч сменада фаолият кўрсатишмоқда.  

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс”