2017-10-03 21:00:00

ТОШКЕНТДАН БЕКОБОДГА – ЭНДИ ПОЕЗДДА

Жорий йилнинг 16 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюрган чоғида Тошкент – Бекобод – Тошкент йўналиши бўйлаб замонавий электричкалар қатновини ташкил этиш вазифасини қўйган эди. Мана, фидойи темирйўлчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан қисқа фурсатда мазкур йўналишда электричкалар қатнови йўлга қўйилди.

Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича кунига бир маротаба қатновлар қатъий жадвал асосида мунтазам амалга оширилади. Жумладан, эрталабки соат 06:35 да Бекобод вокзалидан жўнаган поезд, соат 9:20 да Тошкент вокзалига етиб боради. Ҳаракат таркиби бир вақтнинг ўзида 350 нафарга яқин йўловчини ташиш имконига эга. Масофанинг умумий узунлиги 183 километрбўлиб, йўл давомида электричка Ховос, Янгиер, Гулистон каби станцияларда тўхтаб ўтади.

Шу муносабат билан Бекобод вокзали бугунги замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Вокзалда 150 нафар йўловчига мўлжалланган кутиш зали, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Вокзалнинг олди ва шаҳарга чиқиш қисмида электрон соатлар, электрон кўрсаткичлар ўрнатилди. Шунингдек, ҳаво ҳароратини мўътадил сақловчи совутгичлар, тежамкор ёритгичлар, савдо дўконлари барпо этилди.

Яқин кунларда ушбу замонавий электричка қатновларини кунига икки маротаба амалга ошириш режалаштирилган.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.