2017-10-04 00:14:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЎН ИККИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Мажлис аввалида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мазкур Қонун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига сентябрь ойида амалга оширган давлат ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани ҳаётга табиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Сенат ялпи мажлисида бу тарихий ҳужжатнинг ратификация қилингани ўзбек ва қирғиз халқларининг ўзаро алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Сенаторлар шунингдек “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладлари.

Бош Қомусимизда эътироф этилганидек, мамлакатимизда хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Ушбу кафолат шу соҳага оид кўплаб қонунларда устуворлик касб этган ва у янада кучайтирилмоқда. Маъқулланган янги қонун моҳиятида ана шу мақсад мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Республикаси ветеринария қўмитаси ташкил этилганлиги туфайли янги Қонун билан қатор қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, 9 кодекс, ўнга яқин Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган. Унда, жумладан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва хусусий мулк объектларидан самарали фойдаланишни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш, хусусан, жиноят қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети сифатида мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда мулкни олиб қўйиш (вақтинчалик олиб қўйишдан ташқари) ва мусодара қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган эди.

Ҳаракатлар стратегиясида қўйилган вазифа ижросини таъминлашга қаратилган янги қонунда юқоридаги қоидалар Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Давлат ветеринария қўмитасининг ҳуқуқий асоси бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария хизмати Давлат ветеринария қўмитасига айлантирилди. Фармон талабларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган янги қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида” ги ва “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бу ўзгаришлар ветеринария соҳасидаги фаолиятни бевосита амалга оширувчи ҳамда тадбирлар ва дастурларни рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. Ушбу соҳада илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижаларини ветеринария амалиётига жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.

“Туркистон-пресс”.