2017-10-04 18:18:00

ЧЕХИЯЛИК САНЪАТКОРЛАР — БУХОРОДА

Бухоро – Шарқнинг дунёга машҳур қадимий шаҳарларидан бири. Археологик маълумотларга қараганда, Бухорога милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида асос солинган. Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида жойлашган ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги ерлар қадимда ниҳоятда хушманзара — ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бетакрор, кўл ва оқар сувларга бой бўлгани ҳақида тарихчи Наршахий “Бухоро тарихи” асарида келтириб ўтган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Бухорога алоҳида эътибор қаратилаётгани бежизга эмас. Хусусан, 2017—2019 йилларда Европа, Африка, Осиё ва МДҲ давлатларидан сайёҳларни жалб этиш учун Бухоро ва Бухоро вилояти туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши режаси тузилган бўлиб, ушбу режа асосида ушбу минтақада янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар ҳамда бошқа сайёҳлик инфратузилмалари объектларини қуриш, туризмни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш негизи мужассам.

Шунингдек, вилоятда транспорт хизматларини кўрсатиш даражасини яхшилаш ҳамда авиа ва темир йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, авиарейслар ва «Афросиёб» поездлари рейслари сонини ошириш режалаштирилган.

Айни дамда мамлакатимиздаги Чехия Республикасининг элчихонаси ташаббуси билан чехларнинг "Бедрник" миллий фольклор жамоаси вилоятда гастрол сафари билан бўлиб турибди.

Мазкур ташриф доирасида Бухоро санъат коллежида мусиқа мутахассислари ва мухлислари, ўқувчилар иштирокида ташкиллаштирилган концертни Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъул ходими Михаела Поспишилова кириш сўзи билан очди ва хориж санъат гуруҳи репертуари билан таништирди.

Шунингдек, ўнга яқин ижрочи созандадан иборат фольклор жамоаси "Бедрник", "Доублеб полкаси", "Келажакка йўл", "Маринко" ва бошқа қатор қўшиқлар ижроси орқали чех халқининг урф-одатлари ҳамда миллий анъаналарини ўзида акс эттирган дастур билан қатнашчилар этиборини жалб этишди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар вилоятнинг тарихий қадамжооларини зиёрат қилишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири