2013-02-06 20:18:00

Пахтачиликка оид қўлланма

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли агроном, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Нормурод Холмуродовнинг “Пахтачилик — севимли соҳам” деб номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда олимлар, мутахассислар ва қишлоқ жўжалиги соҳасида таълим олаётган талабалар иштирок этди.

Н. Холмуродов ўзининг қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган қатор китоб ҳамда рисолалари, қирққа яқин илмий мақолалари билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур мутахассис томонидан ингичка толали ғўзанинг “Термиз-14” ва “Термиз-16” навлари яратилди. У таклиф этган ғоялар ва навлар қишлоқ хўжалигига татбиқ этилиб, юқори ҳосил олишга замин яратди.

“Пахтачилик — севимли соҳам” китобида муаллифнинг “Сурхонпахтасаноат” бирлашмасида хўжаликларни сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш, тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда вилоятда пахтадан мўл ҳосил етиштиришдаги илмий ва ҳаётий тажрибаларига асосланган тавсиялар жамланган. Бу китоб қишлоқ хўжалиги, айниқса пахтачилик соҳаси мутахассисларига муҳим қўлланма бўлади.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”