2017-10-05 19:39:00

МАРД ВА ЖАСУР ФАРЗАНДЛАР МАКТАБИ

Самарқанд шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан 1-босқич ўқувчиларининг “Тантанали ваъда” маросими ўтказилди.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилгани, ҳарбий илм даргоҳларидаги таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Йиғилганлар мактабнинг биринчи босқичига қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали ваъдалари, сафда юриш бўйича кўргазмали чиқишларига гувоҳ бўлдилар. Ота-оналар фарзандлари билан биргаликда “Мен фарзандимга китоб совға қиламан”шиори остидаги маърифий тарғиботда қатнашдилар.

—Мазкур мактабга ўқишга кирганим бутун оиламиз учун қувончли воқеа бўлди, —дейди Д.Абдусаломов. —Келажакда албатта, ота-онам, давлатимиз билдирган ишончни оқлаб, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди боболарим каби мард ва жасур ўғлон сифатида Ватан тинчлиги, халқимиз осойишталигини сақлаш учун хизмат қиламан. 

Тадбирда ўқувчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

“Туркистон-пресс”

Бахтиёр МУСТАНОВ (“Зарафшон” газетаси) олган сурат.