2017-10-05 20:18:00

ЎЗЛИДЕП ФРАКЦИЯСИ ИККИТА ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ РАД ЭТДИ

Бугунги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилиши анча жонли руҳда ўтди. Фракция аъзолари бир қатор янги қонун лойиҳаларини ялпи мажлис олдидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар, — деб хабар бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев ўзининг facebookдаги саҳифасида. — Қонун ташаббускорлари томонидан берилган маълумотларга қараганда, ушбу қонун лойиҳалари халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга, ислоҳотларни кучайтиришга, пировардида обод Ватан қуриш йўлида хизмат қилиши керак.

Бироқ,киритилаётган лойиҳалар (яхшиямки лойиҳа) доим ҳам бу мақсадларга хизмат қилавермайди, назаримда. Хусусан, Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида 2016 йилда киритилган ва бугун иккинчи ўқишда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 109-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар қаторига “ишни кўриш билан боғлиқ почта харажатлари”ни ҳам киритиб қўйишни назарда тутмоқда эди. Бу, оддий айтганда,суд ишни кўриш билан боғлиқ бўлган почта харажатларини ҳам аризачи, яъни фуқаро гарданига юкламоқчи, дегани.

Узоқ тортишувлардан сўнг фракциямиз аъзолари бу ташаббусни қувватламадилар.

Шунингдек, фракция аъзолари Олий суд томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқиб, маъқулламасликка қарор қилдилар. Ушбу лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодексларига, Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди.

Бундан буён ҳам Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмушини яхшилаш ва уларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган ишларга мос қонунларни қабул қилишда депутатлар доимо тўғри танловдан адашмаслигига ишонаман!

“Туркистон-пресс”.