2017-10-05 20:38:00

ТОШКЕНТДА ХАЛҚАРО СУҒУРТА ФОРУМИ ИШ БОШЛАДИ

Мамлакатимизда суғурта фаолияти ва унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бу, ўз навбатида, суғурта бозорини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш, хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кафолатланган суғурта ҳимоясини тақдим этиш ва суғурта хизматларига нисбатан ишончнинг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун пойтахтимизда иш бошлаган, “SAIPRO ахборот рейтинг агентлиги”, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги расмий кўмагида ҳамда Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси кўмагида ташкил этилган Х Тошкент халқаро суғурта форумида ҳам суғурта фаолиятининг турли йўналишларига оид бир қатор масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Анжуманда вазирликлар, идоралар, халқаро ташкилотлар ва суғурта уюшмалари вакиллари, маҳаллий ва хорижий суғурта ҳамда қайта суғурта компаниялари раҳбарлари, етакчи экспертлар, соҳа мутахасислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Форумда юртимизда миллий ва халқаро суғурта бозорининг ҳозирги ҳолати, суғурта ва қайта суғурталаш бозорининг алоҳида тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокома қилинди.

Шунингдек, форумнинг миллий ва халқаро суғурта бозорлари тенденциялари ҳамда истиқболларига доир биринчи сессиясида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти, республикамизда суғурта бозорининг шаклланиш тенденциялари ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам маърузалар қилинди.

Маърузалар юзасидан қизғин музокаралар бўлди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.

Анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”