2017-10-05 20:45:00

ТАШАББУСКОРЛИККА УНДОВЧИ РАҒБАТ

Инсон қайси соҳада фаолият юритмасин, қандай ютуқ ва кашфиётларга эришмасин, бунинг замирида, энг аввало, муаллимларнинг заҳматли меҳнати ётади десак, асло муболаға бўлмайди. Айни шу жиҳатдан ҳам Президентимизнинг биз ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табрикларини ўзгача ғурур ва завқу шавқ билан тингладик.

Шавкат Мирзиёев устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларга самимий тилаклар билдириб, жумладан унда: “Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз”, дея алоҳида эътироф этгани кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Табрикда таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқдир.

Президентимиз қайд этганидек, бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Биз устоз-муаллимлар Президентимиз табригида илгари сурилган ғоялар, муҳим мақсад-вазифаларни якдиллик билан қўллаб-қувватлаймиз. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини бирдек ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм каби бало-қазоларни бартараф этишда фақат уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланмасдан, энг аввало бу таҳдидларни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш, ёшларни эзгу инсоний фазилатлар руҳида камол топтириш, бу борада ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тизим самарасини ошириш учун бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган “Жаҳолат ва зўравонликка қарши маърифат билан курашамиз” деган ғоя ва ташаббус дунё миқёсида катта эътибор ва қизиқиш уйғотиб, қўллаб-қувватланаётгани ҳам масъулиятимизни янада икки ҳисса оширади.

Аъзамжон ЖЎРАЕВ,

Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги

6-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

(“Туркистон-пресс”).