2017-10-05 20:52:00

“НАВБАҲОР” ФУТБОЛ КЛУБИГА НИСБАТАН ИНТИЗОМИЙ ЧОРАЛАР ҚЎЛЛАНДИ

Футбол бўйича мамлакат Олий лигаси 23-туридан ўрин олган «Навбаҳор» (Наманган) — «Пахтакор» (Тошкент) учрашувидан кейин матбуот анжуманида юз берган можаро туфайли «Навбаҳор» футбол клубига нисбатан интизомий чора қўлланди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Тақдим этилган видеолавҳа ва ҳар икки клубдан олинган тушунтириш хатларига асосан, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Тартиб-интизом кодекси 5-модда, 1-бўлим, 5.9 бандига мувофиқ «Стадионда жамоатчилик тартиби ва хавфсизликни таъминлаб бермагани» ҳамда 5-модда, 4-бўлим, 5.57 («ЎзПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан текширилиши шарт бўлмаган ҳолатларда жарима қўллаши мумкин») бандига кўра «Навбаҳор» клуби 10 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди ва шунга ўхшаш ҳолат такрорланса янада қаттиққўл чоралар қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди.

Ушбу ҳолат юзасидан “Навбаҳор” футбол клуби раҳбарияти фавқулодда йиғилиш ўтказди.

Унда “Навбаҳор” клуби директори Носир Султонов юзага келган можаро сабаблари ўрганилганлиги ҳақида мажлис иштирокчиларига ахборот берди. Клуб директори ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошган клубнинг айрим ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилганини таъкидлади. Мажлисдан сўнг “Навбаҳор” футбол клуби ЎФФ ҳамда ЎзПФЛ номига тушунтириш хати йўллади.

“Туркистон-пресс”