2017-10-06 15:40:00

ТОШКЕНТДА ХАЛҚАРО САЙЁҲЛИК ЯРМАРКАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Пойтахтимизда 5 октябрь куни “Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур форумда 30 дан ортиқ мамлакатдан юздан зиёд сайёҳлик компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди. 

Жорий йилги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимиз ҳудудларининг ранг-баранг анъана ва удумлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намуналари намойиш этилди. Иштирокчилар кўргазма доирасида ташкил этилган тақдимотлар ва кўргазмали чиқишлар орқали юртимизнинг туризм салоҳияти, халқимизнинг бетакрор маданияти билан танишди. Туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.  

Халқаро ярмаркада меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, суғурта компаниялари, транспорт-логистика тармоқлари, дам олиш масканлари вакиллари ўз хизматларини тақдим этди.

Ярмарка якунида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, энг яхши стенд, энг яхши хизмат, энг яхши дизайн, компания ва меҳмонхона тақдимоти, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишлардаги танловлар ғолиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди. 

“Туркистон-пресс”