2017-10-10 20:40:00

ДЗЮДО ФЕДЕРАЦИЯСИГА ЯНГИ РАИС САЙЛАНДИ

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Уни федерация вице-президенти Дмитрий Адисман олиб борди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди.Сўнгги йилларда федерацияга раҳбарлик қилиб келган Адҳам Аҳмедбаев ўрнига Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки раисининг ўринбосари Алишер Валиевич Акмалов Ўзбекистон дзюдо федерациясининг раиси этиб сайланди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов сўзга чиқдилар.

Федерациянинг янги раҳбари зиммасида масъулиятли вазифалар тургани таъкидланди. Жумладан, келгуси йили Индонезия мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари ва “Токио 2020” Олимпия ўйинларида юртимиз дзюдочиларидан энг юқори натижалар кутилаётгани эътироф этилди.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.