2017-10-10 21:51:00

ФАОЛЛИК БУРЧИ

Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашга доир қатор лойиҳалар асосида заҳарли газларни камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда энергия тежовчи ва чиқиндисиз технологияларни қўллаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йил 21 апрелда давлатимиз раҳбарининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра,Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантирилди. Эндиликда қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикасида қўмита, Тошкент шаҳри ва вилоятларда эса бошқармаларифаолият юритади. Уларнинг қошида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб келиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари ташкил этилади.

Бугунги кунда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ва шаҳарларда, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги “Ободонлаштириш” бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида,аҳолига қулайлик яратиш билан бирга,шаҳарларимиз озодалигига ҳам хизмат қилаяпти.

Президентимизнинг «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори мазкур корхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйишга хизмат қилаётир. Ушбу Қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ҳам киритилмоқда. Унга кўра,табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлиги учун жавобгарлик янада кучайтирилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик сиёсат табиатнинг алоҳида унсурларини ҳимоя қилишдан экотизимни умумий муҳофазалашга ўтишга, аҳоли яшайдиган муҳитни тўла кафолатлашга йўналтирилган. Агар бу борада олиб борилаётган ишларда фуқароларимиз ҳам фаол қатнашса, барчамизўзимиз яшаётган ҳудуд мусаффолигини сақлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

“Туркистон-пресс”.