2017-10-10 23:03:00

ЎЗБЕКИСТОН-ИСРОИЛ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

Кейинги вақтларда мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириш, айниқсаолий ўқув юртларини замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида келгусида олий таълим тизимини янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича белгилаб берилган муҳим вазифалар изчил амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 6-10 октябрь кунлари Ўзбекистон Миллий университетида “Математика ва физиканинг долзарб масалалари” мавзусида Ўзбекистон-Исроил конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда Исроил, Россия, Мексика ва Қозоғистондан ташриф буюрган 30 нафардан зиёд дунё тан олган олимлар ҳамда республикамизнинг мазкур соҳадаги етакчи олимлари иштирок этишди.

Тўрт кун давом этган ушбу конференцияда икки давлат математик ва физиклари ҳамкорлигини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари муҳкамалар марказида бўлди.

Шунингдек, анжуманда комплекс аргументли функцияларнинг геометрик назарияси, кўп ўзгарувчили комплекс анализ, комплекс динамик системалар, функционал анализ,математик моделлаштириш, оптика, умумий физика сингари қатор илмий йўналишларда ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Ўзбекистон ва Исроил олимларининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш, илм-фанни амалиётга кенг тадбиқ қилиш бўйича тажриба алмашилди.

Сабоҳат КАРИМОВА,

Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети талабаси.

“Туркистон-пресс”.