2017-10-11 17:37:00

“ЁШ ЛИБЕРАЛЛАР” КЛУБИ ТАШАББУСКОР ЁШЛАРНИ БИРЛАШТИРАДИ

Мамлакатимиз Президентининг 12 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар қошида ташкил этилган “Ёшлар қанотлари”нинг фаолиятини қониқарли эмаслиги, ёшлар ҳаётида қанчадан-қанча ечилмаган ижтимоий муаммолар борлигини эътиборга олиб, улар билан яқиндан, бевосита иш олиб бориш, уларнинг дарду ташвишларини ечишга интилиш, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, ёшлар қатламининг ичига чуқурроқ кириб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаба ва ўқувчи ёшларда сиёсий билимларни ошириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришда вакиллик органлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш борасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” томонидан қатор тизимли ишлар олиб бориляпти.

Куни кеча мазкур масалалар юзасидан партия “Ёшлар қаноти” қошида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган “Ёш либераллар” клубининг ташаббускор ёшлари йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ёш либераллар” клуби партиянинг вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари қошида ташкил этилиб, унга мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга теран қарайдиган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, фидойи ва изланувчан ҳамда иқтидорли ёшларни ихтиёрий равишда бирлаштиради. Клубга аъзо бўлиш ихтиёрий бўлиб, унга 18 ёшдан 30 ёшгача кирган O‘zLiDeP аъзолари ва партиянинг ёш тарафдорлари аъзо бўлиши мумкин.

Ишчанлик, конструктив, ёшларга хос шижоат ва катта қизиқиш билан ўтган йиғилишда мазкур клуб доирасида амалга оширилиши режалаштирилган “Келажак депутатлари” ҳамда “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, янги таклифлар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари атрофлича муҳокама этилди.

—Жойларда, хусусан, чекка ҳудудлардаги тенгдошларимни ўйлантираётган муаммоларни, “Келажак депутатлари” гуруҳи орқали ҳал этиш имкони янада кенгаяди, — дейдиХалқаро Вестминстер Университети 2-босқич талабасиЖаҳонгирмирзо Жўраев. — Бунда клубга аъзо бўлган ёшлар жойлардаги партия депутатига бириктирилади ва бевосита маҳаллий Кенгаш депутатининг иш фаолиятини ўрганади. Тажрибага эга бўлган ёшлар кейинчалик жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, таклифлар ишлаб чиқиш ва депутатларимиз орқали сессияларга масала киритиш жараёнларида ҳам бевосита иштирок этишади. Бу каби лойиҳа мамлакатимизда биринчи бор амалиётга татбиқ этилмоқда. Ўйлайманки, келгусида тажрибали, малакали халқ вакилларининг етишиб чиқишида мазкур “Ёш либераллар” клубининг хизмати катта бўлади. Бу ўз навбатида ёшларни партияга, унинг депутатлик корпуслари фаолиятига бўлган қизиқишини янада оширади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”