2017-10-13 13:24:00

ЯХШИ ДЎСТ, ТОЗА ВИЖДОН ВА...

Барчамиз китоб ўқишнинг инсон омили учун фойдали эканлигини эшитганмиз. Лекин унинг фойдалилиги айнан нимада? Бу ҳақида олимлар, фан докторлари, профессорлар ва кўплаб юксак идрок соҳиблари изланишлар, турли хил тадқиқотлар олиб боришлари натижасида, китоб ўқишнинг инсон учун кўплаб фойдаси бор эканлиги аниқланган. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Яъни, тадқиқотчилар китоб мутолаа қилиш натижасида олинадиган фойдаларни тўлалигича ўргана олишгани йўқ ва бу жараён айни кунларда ҳам давом этмоқда.

Мана шу омиллар туфайли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси самараси ўлароқ, ёшлар ўртасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, жойларда ёшлар марказларини ташкил этиш, мамлакатимиздаги мавжуд ҳар бир туман ва шаҳарлар учун марказий кутубхоналар очилиши, шунингдек, бу кутубхоналарни замонавий технологиялар билан таъминлаш ҳамда жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдона асарларини жам қилиш каби хайрли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани биз ёшлар учун қувонарли, албатта.

Мутолаа инсоннинг асаб тизими тинчланишига сабаб бўлар экан. Яъни, асабингизни тинчлантириш учун айнан сайр қилиш ёки мусиқа тинглаш эмас, балки атиги 10 дақиқа китоб ўқишингиз кифоя қилади. Дунёга машҳур Cамбридге Университетининг кўзга кўринган олимлари ҳам айни шу фикрга қўшилган ҳолда, китоб ўқиш асабни тинчлантиришда энг самарали усул эканлигини тасдиқлашади.

Шунингдек, мутолаа уйқусизликдан қутилишга ёрдам беради. Яъни, хотиржам бўлиш ва ухлашга ёрдам берадиган энг яхши усул китоб ўқиш, дея бемалол айтишимиз мумкин. Бунга изоҳ тариқасида, кечки уйқуга кетиш олдидан телевизор кўриш ёки телефондан фойдаланиш натижасида, улардан чиқаётган ёрқин нур инсон миясига уйғониш кераклиги ҳақидаги сигнални юборади, китоб ўқиш эса,аксинча таъсир кўрсатиб, мияга ухлаш вақти бўлганлиги ҳақида сигнал жўнатади. Қолаверса, мутолаа қилиш натижасидаги юқори даражали ақлий салоҳият инсоннинг ташқи кўринишини ҳам гўзаллаштиради. Ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбат қура олиш ва ўз билимини намойиш этиш суҳбатдошнинг ҳам меҳрини қозонишга ёрдам беради.

Шахсан ўзим сўнгги кунларда Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” номли романини мутолаа қиляпман. Умуман, кўп китоб ўқишим келажакдаги мақсадларимни аниқлашда, ҳаёт – фаолиятим давомида юзага келадиган қийинчиликларни енгиб ўтишимда, жамиятда фаол шахс бўлиб ривожланишимда, хотира ва фикрлаш қобилиятимни яхшилашда, дарсларни аъло даражада ўзлаштиришимда катта дастуриламал ҳамда маҳорат мактаби вазифасини ўтаётганини ҳис этяпман. Қолаверса, китоб мутолаасининг сўнггигача мени яна кўплаб фойдали манбалар кутиб турибди, дея ишонч билан айта оламан.

Юқорида таъкидланганидек, мамлакатимизда китобхонликни кенг тадбиқ этишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу жараён изчил давом этмоқда. Бунинг натижасида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг турли хил ёт оқимлар ва вайронкор ғояларга, диний-экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетиши ва шу каби кўплаб салбий иллатларнинг олди олинмоқда. Булардан маълумки, мунтазам китоб ўқиш билан маънавиятимиз ва маданиятимиз юксалади, интеллектуал салоҳиятимиз ошади, ўз навбатида, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшамиз, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидил хизмат қиламиз. Бу омиллар эса, ҳар бир инсон учун энг олий бахтдир.

Жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган машҳур адиб Марк Твен эътироф этганидек: “Яхши дўст, тоза виждон ва албатта яхши китоблар – идеал ҳаёт кечириш учун етарли. Бошқа нарсалар керак эмас!”

Шукрулло МАМАЖОНОВ,

Тошкент Молия институти талабаси.

(“Туркистон-пресс”).