2017-10-13 15:35:00

ТОШКЕНТДА ТОЖИКИСТОН МАДАНИЯТИ КУНЛАРИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида мамлакатимизда Тожикистон маданияти кунлари очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Таъкидлаш лозимки, Тожикистон маданияти кунлари доирасида Тошкентда ўтказилаётган “Замонавий Тожикистон” номли фото ва мўйқалам усталарининг ижод намуналари кўргазмаси, халқ ҳунармандлари маҳсулотлари намойиши таассуротларга бой бўлмоқда. Ушбу тадбирлар давомида ўтказилган мулоқотларда ўзбек ва тожик халқларининг асрлар давомида ёнма-ён яшаб, бир-бирининг маданияти ва санъатини бойитиб келгани, бу анъаналар бугун янги босқичда давом эттирилмоқда.

Кечада Тожикистон санъат намояндалари томонидан намойиш этилган концерт иштирокчиларга мумтоз куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлиш имкониятини туҳфа этди. 

Маданият кунлари доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида тожикистонлик кино режиссёрлари томонидан суратга олинган бадиий фильмлар намойиши бўлиб ўтмоқда.

“Туркистон-пресс”