2017-10-13 16:06:00

ФУТБОЛИМИЗ РИВОЖИ УЧУН ҚАЛБДА ВАТАН ҲИССИ ТУҒЁН УРСИН!

Ассалому алайкум, ҳурматли “turkistonpress.uz” сайти таҳририяти ходимлари! Сизларнинг сайтингизни доимо кузатиб бораман. Сизларга ҳурматим баландлигидан ушбу мақолани таҳририятингизга йўлламоқдаман.

 Гап шундаки, севимли Ватанимизнинг футболи бўлажак жаҳон чемпионатининг финал қисмига чиқа олмагани барчамизни қаттиқ хафа қилди. Мени кўп йиллардан бери қийнаб келаётган виждон азобидан қутулиш учун футбол тизимидаги 25 йиллик меҳнат фаолиятимдан келиб чиқиб фикр ва мулоҳазаларимини ёзишга қарор қилдим.

Негадир марказий газеталар, ҳатто спортга, хусусан, футболга оид газеталар ҳам, радио ва телевидение ҳам Ўзбекистон футболи учун анча долзарб, мен қуйида билдирмоқчи бўлган мавзу ҳақида фикр билдиришмайди. Лекин уларда ҳам баъзи муаммолар кўтарилади. Фақат унда футбол атрофида, ёнидаги ёки ташқарисидаги ҳамма биладиган муаммоларнинг такрорланиши мени ажаблантиради. Футбол ичидаги долзарб муаммолар негадир ёритилмайди. Назаримда, юртимиз футболидаги ҳақиқий камчиликлар, хатоликлар, ёлғон ва сохталиклар имкон даражасида камайтирилса, футболимиз анча олдинга қадам ташлаган бўлармиди?

Кўп йиллардан буён бу масалада ОАВдаги чиқишларим, йиғилишлардаги, семинарлардаги таклиф ва мурожаатларим ҳанузгача ўз натижаларини бермаяпти. Агар футболимиздаги мураббийлар, ҳакамлар ҳақида “досуг”, маърифат ва маънавиятига бўлган эътибор, хато-камчиликлар ҳақида фикр юритсам ёки ўз билганларимни айтсам, кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Лекин мен профессионал футбол клубида кўп йиллик иш фаолиятим ва тажрибамга таяниб, тиббиёт ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларим, таклифларим билан чиқсам, бу хато бўлмас.

Нафсиламбирини айтганда, бугун ўзбек футболида тиббий хизмат кўрсатиш қандай аҳволда? Футболчиларниг саломатлиги, тиббий кўрикдан ўтишлари, профилактик ишлари қай даражада ташкил қилинган? Тўғри, футбол майдонларида шикастланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, доимий тиббий-профилактик назоратга бугунги кунда олий лигадаги баъзи жамоаларда бироз эътибор бор.

Биринчи ё иккинчи лига бўлсин, вилоят, шаҳар ва туман футболида, шунингдек,
мактаб-интернатларда, болалар ва ўсмирлар футболида эса етарлича эътибор йўқ. Ёки баъзи жойларда Президентимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлигиниг фармон ва қарорлари асосида ташкил этилган тиббий хизмат кўрсатиш, даволаш хоналаридан фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган.

Инсон яхши ишлаши, яхши яшаши ва яхши ҳаёт кечириши учун соғлом бўлмоғи керак экани барчага аён ҳақиқат. Футболчи эса яхши ўйин кўрсатиши учун бошқаларга нисбатан бир неча марта соғлом бўлиши керак. Одатда кўпгина бажарилмаётган ишларнинг асосий сабаби сифатида маблағ йўқлиги кўрсатилади. Лекин пулсиз бажарса бўладиган ишлар ҳам бажарилмаяпти. Футболимиз нималарга қодир экани чет мамлакатлар футболчилари билан ўтказилаётган ўйинларда яққол билиниб қолаяпти.

Бугунги кунда футболчиларга намунали тиббиёт хизмат кўрсатишни йўлга қўймас эканмиз, яқин 10 йил эмас, балки 100 йилда ҳам жаҳон чемпионатининг финалига чиқишимиз даргумон. Бугунги кун талабига жавоб бериш мақсадида тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш учун қуйидаги таклиф ва фикрларимни айтмоқчимиан:

1.   Республика жисмоний тарбия диспансерини тиклаш керак. Шунингдек, вилоятдаги, шаҳар ва туманлардаги жисмоний тарбия диспансерларини ҳам қайтатиклаш зарур.

2.   Соғлиқни сақлаш вазирлигининг футболдаги тиббий хизматини яхшилаш ва тўғриташкил этиш ҳақидаги буйруқ ва қарорлари бажарилишини таъминлашкерак.

3.   Футбол жамоасида шифокорларнинг малакасини ошириш семинарларини дастур варежалар асосида ташкил этиш лозим. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, охирги семинар, яъни,ўқув йиғини 2013 йилда ўтказилган эди.

4.   Мамлакатимиз футбол жамоаларида йил мобайнида белгиланган умумий маблағнингҳеч бўлмаса бир фоизи зарур тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларга,
витаминларга, даволанишларга, профилактик ишлар ва тикланишларга сарфлаш мақсадга мувофиқ.

Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларим яна бир бор ўзбек футболида ҳақиқий
профессионал мутахассис йўқлигини билдиради. Ваҳоланки, футболимизда
тажрибали, ҳурматли ва обрўли мураббийлар бор. Фақат уларни жой-жойига тайинлаш лозим.

Бундан ташқари, республикамизда болалар футболига эътиборни яхшилаш керак. Бу ҳақдаматбуотда танқидий мақолалар чиқиб турган бўлса-да,вазиятнинг ўзгариши қийинбўлаяпти.

Шу ўринда муҳтарам Президентимиз кўп йиғилиш ва анжуманларда айтадиган
сўзларини эслатиб ўтмоқчиман. “Камчилик ва хатолар ҳақида менга айтинглар. Қандай
қилсак натижа ва ютуқларга эришамиз?” Президентимизнинг ўзи шундай қўллаб-
қувватлаб турганида, қандай камчиликлар бўлишидан қатъи назар ёрдам беришга тайёр турганларида негадир футбол ичидагилар хато ва камчиликларни тан олиб, уни
ҳамкорликда бартараф этишда суст ҳаракат қилишаяпти. Бу ҳол қачонгача давом этар
экан?

Жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Барча умидларим Федерацияга янги сайланган футболимиз раҳбарларидан. Улар менинг таклиф ва мулоҳазаларимни инобатга олиб, ўзбек футболининг равнақ топишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар, дея умид қилиб қоламан.

Мирзабурхон ДЎСМУРАТОВ,

“Металлург” футбол клуби шифокори,

Бекобод шаҳри

(“Туркистон-пресс”).