2017-10-15 15:15:00

СОБИҚ ФУТБОЛЧИ ЛИБЕРИЯ ПРЕЗИДЕНТИ ЭТИБ САЙЛАНДИ

Либерияда президентликка сайловлар бўлиб ўтди.

Унда “Сити” ва “Милан” футбол жамоасининг собиқ ҳужумчиси, ҳозирда эса сиёсий арбоб бўлган Жорж Веа Либерия президенти этиб сайланди. Веа давлат раҳбари учун сайловларда ўзининг бош рақобатчиси — Либерия вице-президенти Жозеф Бокайнинг устидан ғалаба қозонди. 51 ёшли Веанинг кутилмаган муваффақияти ҳақида Naij нашри хабар бермоқда.

Собиқ футболчи 2005 йилда ўз давлати президентлиги учун сайловларда иштирок этган ва овоз беришнинг иккинчи турида сайловчиларнинг 40 фоиздан ортиқ овозларини қўлга киритганди, бироқ якунда Элен Жонсон-Серлифга ютқазиб қўйган. Эндиликда Веа уни давлат раҳбари лавозимида алмаштиради.

Эслатиб ўтамиз, Веа 1995 йилги «Олтин тўп» соврини соҳиби саналади. Шунингдек, у 3 марта (1989, 1994, 1995) Африканинг энг яхши ўйинчиси, деб тан олинган. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”