2017-10-16 13:13:00

115 ЁШНИ ҚАРШИ ОЛГАН ХУРИНСО МОМО

Доно халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор” дея бежизга айтмаган. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам кексаларимиз бор хонадонларда ўзгача файз ва ифор таралиб туради. Юртимизда ана шундай файзли ҳонадон вакиллари истиқомат қилаётган гўшангалар бисёр.

Хусусан, Андижон вилояти Избоскан туманининг Яккатут қишлоғида яшовчи ибратли умр кечириб, каттаю кичикнинг эътиборига тушган пиру бадавлат онахонимиз Хуринсо момо Эшмуродова ана шундай инсонлар сирасига киради.

Буни қарангки, ушбу онахон 115 ёшни қарши олган бўлсада, ўзининг самимий сўзлари билан таниган-билганларини бефарқ қолдирмасдан, у инсонларнинг ҳам қалбларидан муносиб жой олишга улгурган.

Сув ҳар доим ҳам бир ҳил оқавермагани каби, у кишининг болалик онлари ҳам бошқа тенгқурлари қатори осон кечмади: йўқчилик, оғир турмуш шароити, талатўп давр мурғакгина қалбини изтироб ва ташвишлар гирдобига етаклайди. Хуринсо момо ўша пайтларда қўлига китоб ва қалам ўрнига кетмон, ўроқ ушлади — далада оғир меҳнат қилди. Шунингдек, “Катта Фарғона” канали қурилиши бошлангач, у киши биринчилар қатори умумхалқ ҳашарида иштирок этди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатди. Кўплаб миллат вакиллари  орзиқиб кутган ғалабани таъминлашга фидокорона меҳнати билан ҳисса қўшди. Уруш йилларидан сўнг Хуринсо момо қишлоқдаги  жамоа хўжалигида сувчилик қилди, ипак қурти парваришлаб, пешқадам пиллакорлар сафига кирди.

Инсоний фазилатлари билан ҳамқишлоқлари ва яқинларини ҳурматини қозонишга улгурган Хуринсо момо бугун кўпчиликнинг эътиборида. Айни дамда 15 нафар набира, 30 дан зиёд чеварали бўлган онахоннинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа юз берди. Истиқлолимизнинг 26 йиллиги арафасида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини оширишга қўшган муносиб қиссаси, кўп йиллик фидокорона меҳнати учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Хуринсо Эшмуродова  “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Яратганнинг бундай саодатли кунларга етказганига шукр қилган Хуринсо момонинг давлатимизнинг кекса инсонларни қадрлаётганидан қувончи чексиз.

Сабоҳат КАРИМОВА,

 “Туркистон-пресс”