2017-10-16 13:28:00

“ЁШЛАРПРЕСС-КЛУБИ”НИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларни кенг жамоатчилик ва ОАВга етказиш мақсадида “Ёшлар пресс-клуби”нинг навбатдаги “Ёшлар” уйлари: меҳнатга яраша рағбат механизми” мавзусидаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Сувонқулов, “Ипотека” банки бошқарма бошлиғи ўринбосари Ф.Қурбонов, “Қишлоққурилиш” банк бошқарма бошлиғи Д.Ҳасанов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши юридик хизмат бўлими мудири Б.Илҳомжонов, Марказий Кенгаши бўлим мудири Б.Мамадалиев, тажрибали мутахассислар, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб янгиланган лойиҳалар асосида барча замонавий талабларга жавоб берувчи “Ёшлар” уйларининг қурилиши режалаштирилган.

Ҳозирда эса Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Ёшлар” уйларининг лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Тадбирда янгиланган лойиҳанинг аввалги лойиҳалардан фарқлари, Тошкент шаҳрида 2018 йилда қуриладиган “Ёшлар” уйлари шаҳарнинг айнан қайси қисмига тушиши режалаштирилгани, “Ёшлар уйлари” тижорат банклари томонидан 20 йилга, Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида, яъни 7 фоизда берилиши ва бунинг ўзига хос жиҳатлари каби шунга ўхшаш ўнлаб саволларга жавоб берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қурилиши бошланиши мўлжалланаётган “Ёшлар” уйларининг сифати, андозаси замон талабларига мос тарзда бўлади.

Шунингдек, пресс-клуб давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 23 сентябрь куни қабул қилган “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар кейинчалик қайтариш шарти билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш имкониятига эга бўлишлари таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа дахлдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун уй-жойларни тақсимлашнинг ҳамда уларга ипотека кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар беришнинг шаффофлигини таъминлайдиган электрон тизим 2018 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда ишлаб чиқилади.

Жавлон СУЛАЙМОНОВ,

“Туркистон-пресс”