2017-10-16 13:40:00

ЁШ САМБОЧИЛАРИМИЗНИНГ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДАГИ МУВАФФАҚИЯТИ

Сербиянинг Нови Сад шаҳрида самбо кураши бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.

Дунёнинг юзга яқин давлатидан истеъдодли самбочилар қатнашган йилнинг ушбу нуфузли мусобақасида 22 нафар спортчидан иборат жамоамиз 2 та олтин, 3 та кумуш, 5 та бронза, жами 10 та медал билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Самбо спорт тури Ватани ҳисобланган Россия терма жамоаси эса биринчи бўлди.

Ҳамюртларимиздан ўз вазн тоифаларида Мироншоҳ Султонов ва Клара Дерменбаева барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионига айланишди.

Финалгача мағлубиятсиз етиб келган Нилуфар Раҳмонова, Шаҳзод Тагиев ва Жасурбек Маҳаматқулов кумуш медал билан тақдирланишди. Мадина Турғунбоева, Ибодатхон Агажанова, Мушарраф Ибодуллаева, Ойбек Усмонов ҳамда Фирдавс Ҳожимаматов бронза медалига сазовор бўлишди. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”