2017-10-16 14:24:00

ҚИЗ БОЛА — БЎЛҒУСИ ОИЛА БЕКАСИ, КЕЛАЖАГИМИЗ ЭГАСИДИР

Жиззах вилоятининг политехника институтида Халқаро қизлар куни муносабати билан “Қиз бола — бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир” мавзусида қизлар фестивали бўлиб ўтди.

Ушбу фестиваль вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими, халқ таълими ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Бўлиб ўтган мазкур тадбирда вилоятнинг энг фаол, фидойи қизлари иштирок этди.

Тадбирда “Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари”, “Ёшларнинг турли носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолиши ҳолатларининг олдини олиш омиллари” ҳақида маърузалар қилинди.

Шунингдек, фестивалда институт иқтидорли қизларнинг ижодий кўргазмалари намойиш этилди. Энг фаол, ташаббускор, истеъдодли қизларга ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”