2017-10-16 14:59:00

МБ ЛИЗИНГ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ БЕРДИ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лизинг шартномалари бўйича чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Лизинг тўғрисида» ги Қонунига кўра:

- лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади;

- келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкниўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади;

- лизинг олувчи лизинг берувчи олдида шартнома юзасидан жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, лизинг шартномаси бўйича олган мол-мулкини лизинг берувчининг розилиги билан қўшимча лизингга (сублизингга) топширишга ҳақли.

- лизинг фаолияти деб лизинг берувчи томонидан ўз маблағлари ва (ёки) жалб этилган маблағлар ҳисобидан лизинг объектининг сотиб олиниши ва уни лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчига берилиши борасидаги инвестиция фаолияти турига айтилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг лизинг компанияcи томонидан (пул маблағларининг манбаcидан қатъий назар) лизинг олувчига ўтказиб бериш учун лизинг объектини сотиб олишни кўзда тутувчи лизинг операциялари ўтказилганда, лизинг тўловлари чет эл валютасининг сўмга нисбатан курсига боғлаб қўйилмасдан, фақатгина миллий валютада ўрнатилиши ва тўланиши лозим;

б) чет эл компанияси тегишли лизинг объектини сублизингга беришни назарда тутувчи лизинг операцияларини ўтказганда, лизинг тўловларини миллий валютада тўлаш шарти билан чет эл валютасининг сўмга нисбатан курсига боғлаб қўйишга йўл қўйилади.

Бунда, чет эл валюталари курсининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган тафовут, томонларнинг лизинг шартномаси бўйича хўжалик фаолиятининг натижаси ҳисобланади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”