2017-10-16 15:15:00

МЕҲНАТ БОЗОРИ: МУАММОЛАР, ТАКЛИФЛАР, САМАРАЛИ ЕЧИМ

 Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан “Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги: соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда унинг ечими юзасидан таклифлар” мавзусидаги семинар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзХДП марказий Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.

Амалий семинарда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши маъсул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маъсуллари, вазирликнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармалари ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур семинарнинг мақсади аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг иш ўринларини яратиш бўйича салоҳиятини ишга солиш, демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолининг ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш йўли билан амалга оширишдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида устувор йўналишларида назорат қилинадиган давлат бошқаруви органларини сиёсий партияларнинг мақсад ва дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаб олиш, партияларнинг фракциялари ва депутатлик гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш белгилаб берилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлигини қайд этиш ўринли.

Семинар давомида 2016 йилда меҳнат органлари томонидан атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштирганлиги,бунинг асосий сабаблари иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчилик билан боғлиқлиги, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилмаганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Шу маънода бу каби ҳолатлар иш берувчилар учун солиқ солиш, ҳисоб-китоб юритишдаги ва бундай фаолият турлари учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнининг мураккаблиги натижасида келиб чиқаётганлиги ҳамда норасмий равишда банд бўлган фуқароларни доимий, расмий иш ўринларида банд қилиш чораларини кўришда жиддий камчиликлар ҳали ҳамон давом этаётганлиги ҳам таъкидланди.

Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантларини ҳуқуқ ва кафолатларини таъминлаш, меҳнат миграциясига доир халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ “Меҳнат миграцияси тўғрисида”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашувчи нодавлат ташкилотлар (рекрутинг агентлиги) тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Респуликаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни тизимли ташкил қилишни тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни комплекс тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилишини тезлаштириш талаб этилаётганлиги семинарда алоҳида қайд этилди.

Тадбир сўнгида савол-жавоблар, иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан турли фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

 Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”