2017-10-16 15:25:00

НАВОИЙЛИК ТАДБИРКОРЛАР БАРЧА ИМТИЁЗЛАРДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНМОҚДА

Учқудуқ туманида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар, журналистлар иштирок этди. 

Давра суҳбатида Президентимизнинг жорий йил 29 сентябрдаги Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Нурота тумани ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига асосан, 2017-2019 йилларда вилоятнинг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида кафолатланган иш ўринлари яратиш ва йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилингани, ушбу туманларда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, хизмат кўрсатиш ва экотуризм соҳаларини ривожлантириш борасида режалаштирилаётган вазифалар муҳокама қилинди. 

Тадбирда 2017 йил 1 октябрдан 2028 йилнинг 1 октябрига қадар Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг Деҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Ғум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳамда Зарафшон шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар, ягона ижтимоий тўловлардан озод этилгани алоҳида таъкидланди. 

— Жорий йил 1 октябрдан эътиборан Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида ишлатилмаётган ва бўш ётган давлат объектлари тадбиркорлик субъектларига янги иш ўрни яратиш шарти билан 10 йил муддатгача “ноль” қийматда ижарага берилиши ҳамда қарорда белгиланган алоҳида ҳудудларнинг банд бўлмаган аҳолиси ҳунар ва бошқа касбларга ўргатилиши, уларнинг малакаси оширилиши тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда, — дейди Учқудуқ тумани “Ягона дарча” маркази раҳбари У.Худойқулов. — Бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришда муҳим омил бўлади. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”