2017-10-16 17:22:00

ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

Бугун Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий этишда жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 Унда ушбу федерация раҳарлари, етакчи мутухассислар ҳамда республика оммавий ахборот воситаларидан вакиллар иштирок этди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган масалалар ижросини таъминлаш юзасидан федерациянинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани хусусида гап борди.

Мазкур чора-тадбирлар режасига кўра ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.

Тадбирда маълум қилинишича, 2017 йилнинг 9 ойи давомида федерация марказий ижро этувчи аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман ва шаҳар жамиятлари раислари аҳоли билан жами 7670 марта мулоқот ўтказди. Мазкур мулоқотларда уй-жой коммунал (2208та), савдо (1371та), соғлиқни сақлаш (576та), алоқа (240та), транспорт (307та), сервис хизматлари (242та), таълим (280та) ва бошқа соҳалар (2446та) бўйича фуқаролар тегишли
масалалар ечими юзасидан амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилишган.

Мазкур мулоқотлар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Навоий, Фарғона вилоятлар аҳолиси билан ўтказилди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексаларга ташкилот томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бир қаторда уларнинг соғлиқни сақлаш, коммунал соҳадаги муаммолари жойларда ташкил этилган учрашувларда давлат ва бошқарув органлари билан ҳамкорликда ечим топишида яқиндан кўмак берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи органларининг 2017 йил 20 январдаги кенгайтирилган йиғилиши қарорининг бандлари ижросини таъминлаш мақсадида федерациянинг 2017 йил 6 февралдаги “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилиниб, ижроси таъминланаётгани ҳам маълум қилинди.

Ушбу буйруқ асосида федерациянинг марказий ижро аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратларида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилгани, ҳисобот даврида мазкур ҳуқуқий маслаҳатхоналарга келиб тушган 4225 та мурожаат рўйхатга олингани, 3125 нафар мурожаатчига қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқлари тушунтирилгани, 515 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 100 та мурожаат юзасидан эса судга мурожаат қилиш лозимлиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилгани айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, 2017 йилнинг 9 ойи давомида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига истеъмолчилардан 8173 та ариза, таклиф ва шикоятлар келиб тушган. Мазкур ариза ва шикоятларнинг 89 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард 984 миллион 642 минг сўм миқдорида етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Шундан, федерация ва унинг қуйи тузилмалари истеъмолчилардан тушган 165 та ариза ва шикоят асосида уларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга даъво аризалари киритиши натижасида 226 миллион 673 минг сўм моддий ва маънавий зарар қайта ҳисоб-китоб килингани ҳам маълум қилинди.

2015 йилда Федерация Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ўзаро келишув асосида фуқароларнинг мурожаатларини қабул килишни самарали ташкил этиш мақсадида 1091 қисқа рақамли “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг интернет тармоғида www.istemoI.uz, www.potreb.uzрасмий веб сайти ишга туширилиб, федерация фаолияти ва унинг ҳудудий тузилмалари амалга ошираётган ишлар тўғрисидаги янгиликлар ўзбек ва рус тилларида жойлаштириб борилмоқда. Федерациянинг виртуал қабулхонаси ташкил этилиб, жорий йилда RM.istemol.uz доменига ўтказилди. Эндиликда ариза, таклиф ва шикоятлар ушбу веб-сайт орқали электрон тарзда ҳам қабул қилинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида федерация тизимида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали янги ишчи ўринлари яратиш, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент вилоятининг Паркент туманида
чорвачиликка, Бўстонлиқ туманида қуёнчиликка, Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманларида наслдор эчкиларни боқиш ва кўпайтиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этилиб, 40 та янги иш ўрни яратилди.

            Федерация уй-жой коммунал, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт, алоқа ва коммуникация, сервис, тиббий хизмат кўрсатиш йўналишларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.  Бугунги кунда федерация тизимида 14 та ҳудудий бирлашма, 193 та туман (шаҳар) жамиятлари рўйхатдан ўтказилган.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”