2017-10-17 14:14:00

ЎФФ ПРЕЗИДЕНТИ ҚАТАРГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Қатар Футбол Уюшмасининг президенти Шайх Ҳамад бин Халифа бин Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, дунёдаги энг яхши футбол академияларидан бири саналган “Aspire”га ташриф буюрди.Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

“Aspire” бизда жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига. — “Эртага Қатар Футбол Уюшмаси билан меморандум имзоланиши олдидан, ўйлайманки, бугунги сафар жуда самарали бўлди. Биз икки мамлакатда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш мақсадида ушбу академия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз”.

Умид Аҳмаджонов, шунингдек, “Aspetar” спортга ихтисослашган тиббиёт марказида бўлди. ЎФФ делегацияси марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, “Aspetar”нинг Ўзбекистон футболи учун фойдали жиҳатларини яқиндан ўрганишга муваффақ бўлдилар.

Бугун Умид Аҳмаджонов Доҳада Қатар Футбол Уюшмаси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Таний билан учрашади. Учрашув якунларига кўра Ўзбекистон ва Қатар футболи раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”