2017-10-17 14:24:00

ФУТЗАЛЧИЛАРИМИЗ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ЙЎЛЛАНМАСИГА ЭГА БЎЛДИ

Эроннинг Табриз шаҳрида 17 октябрь куни футзал бўйича Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидан Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳи сўнгги, 3-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари бир бирига рўбарў келади. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган жамоа гуруҳ етакчисига айланади. Агар дуранг қайд этилса, Баҳодир Аҳмедов шогирдлари яхшироқ тўплар нисбати эвазига гуруҳни биринчи ўрин билан якунлайди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари 16 октябрь куни мос равишда Туркманистон (4:2) ва Непални (5:0) мағлубиятга учратиб, муддатидан аввал ОЧ йўлланмасига эга бўлди.

Маълумот учун, Футзал бўйича Осиё чемпионати 2018 йилнинг 6–18 февраль кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида бўлиб ўтади. Қитъа биринчилигида жами 16 жамоа чемпионлик учун курашади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”