2017-10-18 17:45:00

СОВРИНДОР БОКСЧИЛАРИМИЗ ТАҚДИРЛАНДИ

Бокс бўйича Гамбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида совриндор бўлган спортчиларимиз Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раҳбарияти томонидан тақдирланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов спорт жамоатчилиги фаоллари ҳузурида бокс бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ва совринли ўринларни эгаллаган юртдошларимизни юксак натижалар билан табриклаб, уларга зарбоп тўнлар кийгизди ҳамда пул мукофотлари сертификатларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медаль жамғариб, илк
маротаба умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган эди. Йилнинг энг нуфузли мусобақасида Шаҳрам Ғиёсов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганди.

Шунингдек, мазкур жаҳон чемпионатида Ҳасанбой Дўсматов, Жасур Латипов ва Иқболжон Холдоров кумуш, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсунов бронза медалига сазовор бўлишган эди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”