2017-10-18 17:59:00

ЎФФ ПРЕЗИДЕНТИ ҚАТАР ФУТБОЛ УЮШМАСИ РАҲБАРИ БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Қатар Футбол Уюшмасининг президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, Қатар футболи мансабдор шахслари билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Қатарда бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Қатар футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистон ва Қатар федерациялари ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиб, уни раҳбарият ва мансабдор шахслар, шунингдек, техникавий масалалар бўйича экспертлар, мураббийлар, ҳакамлар ва футболчилар орқали самарали амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилди.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов ва Шайх Ҳамад бин Ҳалифа ол Таний Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Қатар Футбол Уюшмасининг ҳамкорлиги тўғрисидаги меморандумни имзоладилар.

Ушбу меморандум икки федерациянинг турли тоифадаги жамоаларига ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мусобақаларда иштирок этиш, тегишли мутахассис ва экспертларига ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этиш имконини беради.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”