2017-10-18 18:08:00

МАҲАЛЛА УЧУН ЯНГИ БИНО

Ургут туманидаги Сатанг маҳалласида 6500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан боғдорчилик, узумчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Бунёдкорликни яхши кўради.

Шу боис ҳашар анъанаси бу масканда сақланиб қолган. Яқинда фуқаролар йиғинининг янги биноси қурилди. 3 ой ичида бунёд этилган икки қаватли бинода маҳалла раиси, масъул котиб, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, маҳалла посбони, профилактика инспектори, нуронийлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлар учун алоҳида хоналар, шунингдек, мажлислар зали мавжуд.

Туманнинг Фўс қишлоғидаги Етти уйлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳам шу кунгача ўз биносига эга эмас эди. 5700 дан ортиқ аҳоли бирор бир ҳужжатга зарурат туғилганда қўшни маҳаллада жойлашган фуқаролар йиғинига боришга мажбур бўларди. Ва ниҳоят бу йил ушбу муаммога барҳам берилди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан вазифалар белгилаб берилди, — дейди Ургут тумани ҳокимининг ўринбосари И.Жабборов. — Шундан келиб чиқиб, биз ҳам туман бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб олган эдик. Ҳафтанинг шанба кунини “Маҳаллалар куни” деб номлаб, ҳар бир маҳалла фаолиятини ўргандик. Фуқаролар йиғинлари ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши учун семинарлар ташкил этилди. Ушбу жараёнда моддий-техник базаси ночор, ўз биносига эга бўлмаган маҳалла фуқаролар йиғинлари аниқланиб, уларга зарур ёрдам кўрсатилди. Туман бўйича ўн маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қуришга киришилди. Бугунга келиб, ушбу маҳаллалар биноларида қурилиш ишлари якунига етиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Яқинда Чумчуқли маҳалласининг ҳам янги биноси фойдаланишга топширилади.

“Туркистон-пресс”