2017-10-18 18:18:00

ФУТЗАЛЧИЛАРИМИЗ ГУРУҲДА ЕТАКЧИ БЎЛДИ

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳи сўнгги, 3-турида Қирғизистон футболчиларига қарши баҳс олиб бориб, 4:3 ҳисобида ғалабага эришди.

Эроннинг Табриз шаҳридаги “Pour Sharifi” спорт мажмуасида бўлиб ўтган беллашувда ўзбекистонлик футзалчилар 4:3 ҳисобида зафар қучиб, кетма-кет учинчи ғалабани расмийлаштирди ва “А” гуруҳини етакчи сифатида якунлади.   

Шутариқа, Ўзбекистон термаси гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда муваффақиятга эришди. Аввалроқ Баҳодир Аҳмедов шогирдлари Непал (14:1) ваТуркманистон (4:2) термалари устидан зафар қучган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари 2-турдан кейин Осиё чемпионати йўлланмасини ҳал қилиб улгурганди. 

Маълумот учун, футзал бўйича Осиё чемпионати 2018 йилнинг 6–18 февраль кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида бўлиб ўтади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”