2017-10-18 18:48:00

СПОРТ ҚЎМИТАСИДА КОРЕЯ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

16 октябрькуни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Квон Ён У билан учрашди.

Самимий ва дўстона руҳда кечган суҳбат давомида келгуси йили Пхенчанда ўтадиган қишки олимпия ўйинлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ўзбекистон вакилларининг ушбу спорт анжуманида иштирок этиш учун лицензиялар қўлга киритгани алоҳида мамнуният билан таъкидланди.

Рустам Қурбонов орзиқиб кутилган қишки олимпиадани Корея Республикаси юксак савияда ўтказишига ишонч билдирди ва бу борада кореялик мутахассисларга муваффақият тилади. Кореялик ҳамкорларимиз диёримизда бир қатор спорт турларини ривожлантириш, спорт иншоотларини бунёд қилиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашишлари ҳар икки томон учун фойдали бўлишига эътибор қаратди.

Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бундай ўзаро мулоқотлар мамлакатларимизнинг спорт соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кўмаклашишини эътироф этди. Пхенчандаги қишки олимпиадада Ўзбекистон делегациясини кўришдан мамнун бўлишини айтаркан, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига дунёнинг 105 мамлакатидан 5000 нафарга яқин спортчилар ташриф буюриши кутилаётганини, меҳмонлар учун барча шарт-шароит яратилганини, мусобақа даврида кореялик мутахассислар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида эришган сўнгги ютуқларини намойиш этишга тайёргарлик кўраётганликларини билдирди.

“Туркистон-пресс”