2017-10-18 18:58:00

ЎЗБЕКИСТОН ЭЛЧИСИ АҚШДА ИШОНЧ ЁРЛИҚЛАРИ НУСХАСИНИ ТОПШИРДИ

Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов ишонч ёрлиқлари нусхасини 17 октябрь куни АҚШ Давлат департаментининг баённома раҳбари вазифасини бажарувчи Кэтрин С. Хендерсонга топширди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти хабар бермоқда.

Хабарда маълум қилинишича,  маросимда АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон ва минтақа билан муносабатларига масъул бўлимлари раҳбарлари иштирок этган.

АҚШ Давлат департаменти вакиллари Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлардаги янги элчисини мамнуният билан кутиб олишди ва келгусида икки томонлама муносабатлар янада фаолроқ ривожланишига умид билдиришди.

Америка дипломатик баённомасига кўра, шу пайтдан бошлаб Жавлон Ваҳобов амалда ўз вазифасини бажаришга киришди. Оқ Уйда ишонч ёрлиқларининг асл нусхаси АҚШ Президенти Дональд Трампга тақдим этилганидан сўнг, элчининг мақоми юридик жиҳатдан белгилаб қўйилади.

“Туркистон-пресс”