2017-10-18 19:09:00

ФОТОЖУРНАЛИСТИКА: ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Миллий фотожурналистика муаммоларини ўрганиш ва истиқболдаги режалар” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида“ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги босма оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг ёш фотомухбирлари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ёш фотожурналистларнинг билими, тажрибаси, маҳорати ва малакасини янада такомиллаштиришга кўмаклашиш, халқаро фотожурналистиканинг илғор тажрибаларини таҳлил қилиш асосида фотоасарларнинг сифати ва бадиий даражасини юксалтиришдан иборат бўлди.

Уч кунлик семинар мобайнида фотожурналистика усталари “Фотожурналистикага нигоҳ”, “Ракурс ва фото изоҳ”, “Фото ҳикоя. Фоторепортаж”, “Фотожурналистика ва унинг йўналишлари”, “Фотожурналистикага оид этика қоидалари”, “Фотолавҳаларга мазмунли изоҳ бериш ва фото изоҳ қонуниятлари” каби қатор мавзуларда маҳорат дарсларини ўтишди.

Шунингдек, фотожурналистлар ўзаро тажрибалар алмашишди. Махсус мавзулар асосида фотоҳикоя ва фоторепортажлар тайёрлаш бўйича мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг маърузалари тингланди.

Фотосанъат, фотожурналистика равнақида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш, ёш ижодкорлар бундай имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда ўз салоҳиятларини намоён этишга интилишлари зарурлиги ҳақида фикр алмашилиб, баҳс-мунозаралар юритилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”