2017-10-18 19:59:00

ТАҚДИМОТ МУШОИРАГА УЛАНДИ

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Махтумқули. Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва таржимонлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тақдимотда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ш.Шириев сўзга чиқиб, дўстлик ва қўшничилик руҳида барқарор ривожланиб бораётган ўзбек-туркман муносабатлари мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ва маданий алмашинувнинг янада мустаҳкамланиб боришига хизмат қилишини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ўзаро муштараклиги, тарихи, маданияти ва қадриятларининг ўхшашлиги ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Тангриев ўз чиқишида ҳозирги кунда Ўзбекистонда китобларни чоп этиш ва мутолаа маданиятига қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳа ривожига қаратилган Фармойиш ва Қарорларида белгилаб берилган вазифалар, бир томондан, азалдан китобсевар халқимиз, шу жумладан,ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган бўлса, иккинчи томондан ноширларимиздан ҳозирги замон талаблари даражасидан келиб чиқиб ишлашни талаб қилаётгани ҳақида тўхталди.

Шунингдек, тадбирда сўз олган ёзувчи ва шоирлар, Республика туркман миллий маданий маркази вакиллари ўзбек ва туркман адибларининг адабий алоқалари, ҳамкорликдаги изланишлари, Ўзбекистонда таниқли туркман шоири Махтумқули шеъриятининг ўрни ва аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

“Махтумқули. Сайланма” китобининг таржимони М.Пирриев атоқли туркман шоирининг ижодида диний-маърифий мавзулар ҳам, сўфиёна руҳ ҳам, халқона оҳанглару мумтоз адабиёт намуналари ҳам кузатилишини эътироф этди.

Дарҳақиқат, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийни ўзига устоз деб билган Махтумқули шеърларининг юксак бадиияти уларнинг таъсирчанлиги ва умрбоқийлигини таъминлаган. “Фироғий” тахаллуси остида ижод қилган Махтумқулининг бизгача лирик, фалсафий ва панд-насиҳат руҳидаги 700 га яқин шеъри ва 10 га яқин достони етиб келган.

Тадбир сўнггида Махтумқули шеърларидан ўқилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”