2017-10-18 20:20:00

“КИНОАКТЁРЛИК — КАСБ ЭМАС”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий” номидаги мусиқали драма театри актёри Боир Холмирзаев билан суҳбат.

— Боир ака, кўп сонли телетомошабинлар севиб томоша қилган Опа-сингиллар” телесериалида бош роллардан бирини маҳорат билан ижро этдингиз. Назаримизда, бу образда шифокорларга хос бўлган жамики хусусиятлар ўз аксини топган. Расул ака образини очиб бериш сиз учун қанчалар муҳим бўлди?

— Аввало, санъаткор учун энг муҳими эътироф эканини таъкидлашим ўринли. Томошабин қаршисига чиққанда олқиш олиб, меҳнатига муносиб рағбатолиш кишига завқ бағишлайди. Устозларимиз, Ўзбекистон халқ артистлари ҳам мухлислар олқишига сазовор бўлишга интилишган. Ҳатто, уларнинг кўзларида ёш қалқиганининг гувоҳи бўлганман. Актёрларнинг бойлиги — бу эътироф бўлади. Шунга бутун ҳаётини тикади.

“Опа-сингиллар”дагиобразим орқали ўзбек халқининг зиёли шифокори сиймосини гавдалантиришга ҳаракат қилдим. Албатта, шу соҳанинг фидойи инсонларифаолиятини, юриш-туришини узоқкузатдим, суҳбатлар қурдим, савол-жавобларқилдим ва улардан ўзим учун муҳим бўлган ибрат намунасини олдим. Фараз қилинг, агар образ ўхшамай қолса, халқ дарров сезади. Биринчи навбатда Расул қиёфасидаги характер, юриш-туришлар, инсонлар билан ўзаро мулоқот жараёнларини мен кўпроқ отамдан олишга ҳаракат қилдим. Отам худди шундай маданиятли, зиёли инсон эдилар, ташқи қиёфалари ҳам, ички оламлари ҳам. Ниҳоятда муомалада эҳтиёткор инсон эдилар, одамларбилан жуда эътибор ила суҳбатлашар эдилар.

— Боир ака, театрда жуда кўплаб ролларни ижро этиб, спектаклларга берилиб кетиб, кинода роль ижро этишни унутиб қўймаяпсизми?

— Саволингиз ўринли. Мен авваламбор театр актёриман. 1978 йилдан бери “Муқимий”номидаги отахон театрида хизмат қилиб келмоқдаман. Шу ерда орттирган тажрибаларимдан фойдаланиб, киноларда, сериалларда роль ижро этаман. Албатта, узилиш бўлади. Кино соҳасида ўз ролини йиллаб кутган инсонлар бор, бу факт. Эҳтимол, мен чавандоз ролини шундай йиллаб кутгандирман. Бу фильмда мен қашшоқликка ҳам, турли қийинчиликларга ҳам бардош бериб, чинакам ўзбек йигитига хос бўлган шиддат, ирода билан барчасини енгиб ўтган инсон қиёфасини яратишга ҳаракат қилганман. Кинода ўзига хос ролларни яратишга ҳаракат қиляпман. Мисол учун, “Занжир”!сериалидаги Баҳром образиҳам кўзга кўринган, эсда қоладиган ролларимдан бири ҳисобланади. Ягона орзуим ҳазрат Навоий образини яратиш. Спектаклларда тарихий сиймолар образини яратдим. Ҳамма томошабиннинг ҳам театрга келишга имкони йўқ. Шунинг учун барибир фильмлар орқали шу сиймоларни яратсаму, олтин тасмаларга муҳрланса, орзуимга эришган бўлардим.

— Одатда, санъаткорга савол берилганида,Менинг характеримга бегона ёки яқин экан, шу сабаб айнан мана шу образни ўйнадим, дейишади. Актёр учун характер муҳимми? Келинг, шу саволга кенгроқ тўхталайлик.

— Актёр учун мактаб битта. Режиссёр қандай ролни ишониб топширмасин, қойил қилиб ўйнаши лозим. Актёрнинг катта-кичиги бўлади, лекин ролнинг катта-кичиги бўлмайди. Мен ўзимни оддий эпизодик, кичик-кичик ролларда ҳам синаб кўрганман. Аммо тарихий шахсларнинг сиймоларини актёрга қараб бериш керак, назаримда. Актёр ҳеч бўлмаганда ўша шахснинг билим даражасига, дунёсига эга бўлиши керак. Актёрлик маҳорати билан ўйнаб кетадиган роллар бор, актёрнинг ўз дунёқараши, интеллекти билан ўйналадиган роллар бор.

— Замон ўзгарди, ёшларнинг дунёқараши ўзгарди, дейишади. Сизнингча,  бугунги кун ёш санъаткорлари қанчалик даражада устоз санъаткорлар билан уйғунликда ижод қиляптилар?

— Ўзбекистон маданият ва санъат институтида беш олтита курс чиқардим, Ўзбекистон Давлат консерваториясида ҳам актёрлик маҳоратидан  дарс бераман. Ёшларда ҳозирги замоннинг руҳи ва келажакка ишонч бор, интилиш бор, булар биздан кўра кучли. Лекин ички ҳолат, билим олишга чанқоқлик, сабр-тоқат жиҳатидан эмас. Театр ҳар бир актёрни чиниқтиради, тоблайди. Фикримча, театр актёри бўлиш бу касб, киноактёрлик касб эмас. Кинода ҳамма ўйнаши мумкин.

— Оилангизда сизнинг изингиздан борганлар борми?

— Катта ўғлим Оловиддин жуда қизиқди, лекин мен рухсат бермадим. Ўз соҳангизнингқанчалик қийинлигини, катта фидойилик талаб қилишини, машаққатини яхши биласиз. Шунинг учун бўлса керак, қаршилик қилдим. Лекин санъатни жуда яхши кўришади. Телесериалларни, театрларни томоша қилишади.

— Уларнинг танқидларини қандай қабул қиласиз?

— Тўғри қабул қиламан. Чунки мен илғамаган жиҳатларни улар кўриши мумкин. Ўхшамаган томонларни айтишади, мен шундан керакли хулоса чиқараман.

Суҳбатимиз якунида мухлисларга айтар сўзингиз борми?

— Бизнинг халқимиздек олижаноб халқ бўлмаса керак. Санъаткорни оғир кунида ҳам ҳимоя қиладиган, сева оладиган ҳам халқ, санъатга чанқоқ, санъатга ташна халқ,бизнинг халқимиз. Ҳали олдинда сизлар истаган образларни яратаман, шу образларим орқали хонадонларга кириб бораман. Ана шундай шукуҳликунларда хотиржам юз кўришишлик барчамизга насиб этсин. Барча-барча юртдошларимизнинг оилаларига тинчлик, дастурхонларига қут-барака тилайман.

Санжарбек ҲАМИДОВсуҳбатлашди.

(“Туркистон-пресс”).